​Калом илми олимлари пешвоси
Muallif: Админ
Sana: 18.08.2020
167

Маълумки, юртимиздан азал-азалдан кўплаб буюк Алломалар етишиб чиқанлар. Айниқса бу табаррук заминда ўрта (IХ-ХII) асрларда ўз кашфиётлари ва таълимотлари билан жумлаи жаҳонни лол қолдирган юзлаб улуғ зотлар самарали фаолият кўрсатганлар. Шундай зотлардан бири Абу Мансур Мотуридийдир.

Абу Мансур Мотуридий 870 йилда туғилган, Самарқандда 945 йилда вафот этган ва шаҳар чеккасидаги Чокардиза деган қабристонга дафн этилган.

Баъзи манбаларда унинг Самарқанддаги “Иёзий” мадрасасида таълим олгани қайд этилган. Мотуридий Абу Бакр Аҳмад Жузжоний, Абу Наср Аҳмад Иёзий, Имом Аъзам мазҳабидаги буюк олим Наср ибн Яҳё Балхий, Муҳаммад ибн Фазл кабиларни ўзининг устози деб билган.

Мотуридий фиқҳ ва калом масалалари билан қизиқиб, ҳанафий мазҳаби олимларидан дарс олиб ўз билимини оширади. Шу вақт давомида кўплаб машҳур фақиҳлар ва муҳаддислар билан мулоқотда бўлган ва мунозаралар қилган. Бутун умри давомида қуйидаги асарлар ёзиб қолдирган:

“Китоаб ат-Тавҳид” (“Аллоҳни ягона деб билиш ҳақидаги китоб”), “Китоб алМақомат”, “Каъбий залолатларининг бошланишини рад қилишга бағишланган китоб”, “Муътазила ғавғолари ва ундан қўрқмаслик ҳақидаги китоб баёни”, “Қуръон таъвили китоби”.

Абу Мансур ал-Мотуридийнинг “Шариат асослари”, “Китоб ал-жадал”, “Диалектика ҳақида китоб” каби асарлари ҳам бўлган. Булардан ташқари Мотуридийнинг ислом ҳуқуқшунослигига оид “Усул китоби” асари ҳам маълум.

Мотуридийнинг яна бир асари “Таъвилот аҳли сунна” ёки бошқа бир номи “Таъвилот ал-Қуръон” деб номланади. Мотуридий бу асарда сунний ақидага (таъвилда) зид қарашларни рад қилишга ҳаракат қилади ва Имом Абу Ҳанифанинг қарашларига суянган холда иш кўради. Бу асар Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланади.

Мотуридийнинг мазкур асари тарих жараёнида кўп алломалар асарларига асос солган, улар ижодига туртки бўлган.

Шулардан бири Алоуддин Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандийнинг шарҳидир. У “Шарҳ таъвилот аҳли ас-сунна” деб номланган.

Шу билан бирга, Мотуридий номи остида ёзилган бир неча сохта асарлар ҳам маълумдир. Масалан: “Фавоид” (қоидалар), бошқа номи “Панднома”, “Китоб ал-Усул”, “Шарҳ ал-Фиқҳ ал-Акбар” асарлари шулар жумласидандир. Бу Мотуридийнинг диний илмлар намояндалари орасида қанчалик машҳур бўлганлигидан далолат беради. Мотуридий кўп шогирдлар етиштирди, улар орасида ислом оламига машҳур алломалар Абул Ҳасан Рустуғфаний, Исҳоқ ибн Муҳаммад Самарқандий ва Абдул Карим Паздавий, Абу Аҳмад Иёзий каби олимлар бор эди. Шогирдлари ўз устозларининг таълимотини давом эттиришгани натижасида мотуридия таълимоти вужудга келган.

Абу Мансур Мотуридий умри давомида фақиҳлар, муҳаддислар билан мулоқотда бўлган ва мунозаралар олиб борган. У ислом динининг ҳанафий мазҳабини Мовароуннаҳрда тарқатиш ва ўзидан кейинги авлодларга қусурсиз етказиш ишига муҳим ҳисса қўшди.

Мотуридий ўз даврининг исломий илмлари соҳасида энг етук билим соҳиби ҳисобланиб, мусулмон дунёси олимлари томонидан тан олинган ва ҳозирда ҳам турли диний асарларда зўр эҳтиром билан тилга олинади.

Мотуридийни улуғлаб “Имом ал-ҳуда” ва “Имом ал-мутакаллимин”, “Ҳидоят йўли имоми ва мутакаллимлар имоми” каби номлар билан ҳам атаганлар.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, Кейинги йилларда юртимизда барча соҳалар қатори диний-маърифий соҳада ҳам катта ўзгаришлар ва ислоҳотлар бўляпти. Буни биз сўнги уч ярим йил ичида муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуслари билан ташкил этилган илм-маърифат масканлари мисолида яққол кўришимиз мумкин. Улар қаторига Имом Бухорий ва Имом Термизий илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказларини киритишимиз мумкин.

Бугун ҳам ана шу эзгу ишлар давом этмоқда. Жорий йил 11 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Албатта, бу каби ислоҳотлар Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг янги босқичи сифатида улуғ аллома аждодларимизнинг ибратли ҳаёти ва бой илми меросини чуқур тадқиқ этиш, халқимиз, хусусан, ёшларимизни эзгу умуминсоний ғоялар, муқаддас динимизнинг илм-маърифат, ҳалол-поклик, юксак ахлоқ ва эзгулик таълимоти асосида тарбиялаш имконини беради.

Интернет маълумотлари асосида билим юрти ўқитувчиси А. Асқаров тайёрлади

Админ