ВАТАН  ҲАҚЛАРИ

ВАТАН  ҲАҚЛАРИ

Ватан – муқаддас даргоҳ. Уни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш, равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир мусулмон учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Пайғамбаримиздан Саъид ибн Зайд разияллоҳу анҳу ривоят қилиб: “Молини, жонини, динини ва аҳлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳид мақомидадир”, – деганлар. (Абу Довуд ривояти).

Ҳадисда санаб ўтилган мол, жон, дин ва оила киши ҳаётининг мазмуни – унинг Ватанини ифода этади.

Ватанни севмоқ, ватанга муҳаббат қўймоқ, уни ардоқлаш, ватанга мансуб бўлмоқ муқаддас динимиздаги энг хайрли ишлардан ҳисобланади. Зеро, ҳар бир нарсада инсон зиммасида ҳақлар бўлганидек, инсоннинг киндик қони тўкилган, вояга етган ватанининг ҳам ҳақлари бор.

Ватанни қадрига етиш, уни кўз қорачиғидек асраш, ватанига, халқига  фақат манфаатли ишларни қилиш соф мўъминлик белгисидир. Хабарларда  “Ватанни севмоқ — иймондандир”, дейилган. Ватанни севмоқ ҳар бир инсон учун табиий нарсадир. Мусулмон кишининг ватанини севмоқлиги суннатдир.

Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам Маккага хитоб қилиб: “Сен қандай пок ватансан! Мен сени севаман. Агар қавмим мени сендан чиқармаганида сендан бошқа ерни маскан тутмас эдим” деганлар.

Ҳужжатул ислом, имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳи ватан ҳақлари тўрттадир деб баён қилганлар.

Биринчи: Ватанга яшаганда тинч-хотиржам, шукрона қилиб яшаш. Демак, ҳар бир шахс ватанда хотиржам ҳолда, турли фасод ишларни қилмасдан истиқомат қилмоғи даркор, ватанда тинч ва хотиржам яшаётганлиги учун Яратганга шукр қилиб яшамоғи лозим экан. Чунки, Аллоҳ таоло Ўз каломи шарифида “Агар шукр қилсанглар сизларга ўз неъматларимни зиёда қилиб бераман” деган.

Иккинчи: Ватандан кетганда уни соғиниш. Ўқишга, ишга, саёҳатга ёки бошқа бир сабаб билан ватандан сафар қилиб кетганда, ўзга юрт қанчалик гўзал, мафтункор бўлмасин, қалбида ватанига нисбатан бўлган муҳаббат зинҳор сусаймаслиги даркор. Зеро, Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: “Агар Ватан севгиси бўлмаганда, юртлар хароб бўлар эди” деганлар. “Биздан эмас, ватанини севмаганлар” деб айтган эди, Алихонтўра Соғуний.

Учинчи: Ватан камситилганда ғазабланиш. Ватанга нисбатан нолойиқ сўзлар, камситишлар, турли иғволар айтилганда жим туриш, ўша сўзга розилик белгиси, бу эса айни мунофиқлик аломатидир. Ватанга нисбатан айтилган бўҳтон, ёлғон сўзларни нотўғри эканлигини ўша жойда инкор этиш, тўғри фикр билдириш ҳақиқий ватанпарварлик белгисидир.

Тўртинчи: Ватанга ҳужум қилинганда уни ҳимоя қилиш. Ватанини ёвдан ҳимоя қилиш — фарзандини, оиласини, ўз жонини, динини ҳимоя қилиш деганидир. Ватанга ҳужум бўлганда унинг ҳимояси учун чиқмаслик – бу ватанга нисбатан улкан хиёнат ва ватанини сотиш демакдир. Ўлуғларимизнинг ҳикматли сўзларида тўрт нарса: “Инсоннинг дийни, иймони, танаси ва Ватани сотилмайди” дейилган. Бу ерда ватаннинг улуғлиги дийн ва иймон улуғлиги билан тенг қўйилмоқда.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, ушбу жонажон заминда яшаб турган мўъмин-мусулмонларнинг дини битта – Ислом, қибласи битта – Каъба, муқаддас китоби битта — Қуръони карим ҳамда Ватани ҳам битта – бу  Ўзбекистон!” бошқача бўлиши мумкин эмас.

Яратган жаннатмакон юртимизнинг осмони мусаффо, замини баракали, халқи фаровон ҳаёт кечирмоқлигини бардавом айласин ҳамда Ватанимиз сарҳадларини қўриқлашдек буюк хизматга бел боғлаган Ватан ҳимоячиларини Аллоҳ таоло Ўз паноҳида асраб, хизматларига муносиб ажру- мукофот билан сийласин.

Ўткирхон МАҲМУДОВ,

“Хожа Бухорий” ислом билим юрти ўқитувчиси

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *