СEҲР ГУНОҲИ КАБИРАДИР

СEҲР ГУНОҲИ КАБИРАДИР

 


Сеҳр луғатда “қойил қилмоқ”, “шайдо қилмоқ” ва “алдамоқ” маъноларида келади. Ҳадисда ҳам шу маънода келган.
عن عبدالله بن عمر رضي الله عنهما؛ أنَّه قَدِمَ رجُلان مِن المَشْرق، فخَطَبا فعَجِبَ الناسُ لِبيانهما، فقال رسول الله صلَّى الله عليه وسلَّم: إنَّ مِنَ البَيانِ لَسِحْرًا — أوْ إنَّ بَعْضَ البَيانِ سِحْرٌ روى الإمام البخاريُّ
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Машриқ (Бани Тамим аҳолиси) томондан икки киши (Ҳусайн ибн Бадр ва Амр ибн Аҳтам) келиб, одамларни лол қолдириб нутқ сўзладилар. Шунда Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Сўзда сеҳр бор ёки баъзи сўзларда сеҳр бор”, дедилар. (Имом Бухорий ривояти).
Яъни “Одамларни ўзига шайдо қилиш ва ўзига қойил қолдириш хусусияти бор” деган маънода. Сеҳр истилоҳда бундан хосроқ маънода ишлатилади.
Олимлар сеҳрнинг истилоҳий маъноси борасида бир неча сўзларни айтганлар. Бу борада “Ал-Мавсуъа ал-Фиқҳийя ал-Кувайтийя” китобида қўйидагича айтилади.
“Имом Азҳарий айтади: “Сеҳр — шайтон ва унинг ёрдамига яқинлик ҳосил қилингач амалга ошириладиган амалдир”.
Имом Байзовий сеҳрни қўйидагича таърифляганлар. “Сеҳрдан мурод уни ҳосил қилишда шайтоннинг ёрдамига муҳтож бўлинадиган амалдир”.
Аслида сеҳр бирор нарсани ҳақиқий ҳолатидан ўзга ҳолатга айлантиришдир. Сеҳр қилаётган киши ботил нарсани ҳақ деб кўрсатади. Бирор нарсани ҳақиқий кўринишидан ўзга кўринишда кўрсатиб, уни сеҳрлаб қўяди, яъни кўринишини буриб қўяди”.
Фахриддин ар-Розий айтадилар: “Шариат истилоҳида сеҳр деб, ҳар бир сабаби номаълум бўлган, ҳақиқий кўринишдан бошқа ҳолатга ҳамл қилинаётган, безаб-тузаш ва алдов йўлида ишлатиладиган ишларга айтилади.
Сеҳргар ҳам, шайтон ҳам Аллоҳга осийлик йўлида бирлашган шерикдирлар. Сеҳр гуноҳи кабиралардан ҳисобланиб, ислом шариатида қаттиқ қораланган амаллардан саналади.
عن أبي هريرة رضي الله عنه: عن النبي صلى الله عليه وسلم قال: اجتنبوا السبع الموبقات، قالوا: يا رسول الله وما هن؟ قال: الشرك بالله، والسحر، وقتل النفس التي حرَّم الله إلا بالحق، وأكل الربا، وأكل مال اليتيم، والتولي يوم الزحف، وقذف المحصنات المؤمنات الغافلات رواه البخاري
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалллам: “Еттита ҳалок қилувчи (гуноҳ)лардан четланинглар – деб айтдилар. Саҳобийлар: “Улар нима? Эй, Расулуллоҳ”, — деб сўраганларида. Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр, Аллоҳ ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш, судхўрлик қилиш, уруш кунида (урушдан) қочиш ва иффатли, мумина ва фахш ишлардан пок аёлларга зинода айблаб туҳмат қилиш”, дедилар.
Сеҳрнинг воқеъликда ҳақиқати ва таъсири борми?
Уламолар сеҳрнинг ҳақиқати ёки хом ҳаёллиги ҳақида ихтилоф қилдилар. Аҳли сунна вал жамоадаги айрим уламолар “сеҳрнинг ҳақиқати ва таъсир қилиш кучи бор” деган фикрни билдирганлар. Мўътазила ва аҳли суннанинг бошқа бир қисм уламолари эса “сеҳрнинг ҳеч қандай ҳақиқати йўқ, алдамчилик ва ҳом ҳаёллардан иборат” деганлар.
Аҳли сунна валжамоанинг далиллари:
قَالَ أَلْقُوا فَلَمَّا أَلْقَوْا سَحَرُوا أَعْيُنَ النَّاسِ وَاسْتَرْهَبُوهُمْ وَجَاءُوا بِسِحْرٍ عَظِيمٍ
1. “(Мусо): «Ташлангиз!» – деди. Бас, ташлаган эдилар, одамларнинг кўзларини сеҳрлаб, уларни чўчитиб юбордилар – улкан сеҳр келтирдилар” (Ал-Аъроф сураси, 116-оят)
فَيَتَعَلَّمُونَ مِنْهُمَا مَا يُفَرِّقُونَ بِهِ بَيْنَ الْمَرْءِ وَزَوْجِهِ وَمَا هُمْ بِضَارِّينَ بِهِ مِنْ أَحَدٍ إِلَّا بِإِذْنِ اللَّهِ
2. “Бас, икковларидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганишар эди. Улар Аллоҳнинг изнисиз ҳеч кимга зарар келтира олмайдилар”. (Бақара, 102-оят)
وَمِنْ شَرِّ النَّفَّاثَاتِ فِي الْعُقَدِ
4. “Тугунларга дам солувчи аёлларнинг (ёмонлигидан) ёвузлигидан Аллоҳ паноҳини сўрайман” (Фалақ, 4-оят).
Шариатнинг сеҳргарга нисбатан белгилаган жазоси қандай?
Абу Ҳанифа (р.а) сеҳргарнинг сеҳргарлиги ошкора қилинса ўлдирилади. У сеҳргарлигини тан олса, унинг қонини тўкиш ҳалолдир. Худди шунингдек, мусулмон қул, ҳур ва зиммий қайси бири сеҳргарлигини тан олса, уларни қонини тўкиш жоиздир.
Ибн Шужў сеҳргарга муртад ҳукмини берган. Чунки у куфри билан ер юзида фасодни тарқатади.
Имом Шофеий (р.а) сеҳргарлик билан кофир бўлмайди. Агарчи бировни ўлдирса ҳам”, деб айтган.
Имом Аҳмад (р.а) “Сеҳргарлик билан кофир бўлади, ўлдирса ҳам ўлдирмаса ҳам”, деб айтган.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, сеҳр-жоду жамиятда катта хатарлардан ҳисобланади. Жамият ҳаётига, оила, дўст-биродарлар орасига гина-кудурат, кўролмаслик, адоват солади. Натижада инсонлар ўртасида келишмовчилик ва душманчилик келиб чиқади. Демак мўмин инсон бундай салбий-хатарли ишлардан узоқ бўлиши керак. У жамиятга фақат манфаат келтирадиган ишлар билан машғул бўлиши шартдир.

Ў. Маҳмудов

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *