Мазҳаб ҳақида тушунча

Мазҳаб ҳақида тушунча

Мазҳаб сўзи араб тилидан олинган бўлиб луғатда йўналиш, оқим, йўл, таълимотдемакдир. Муқаддас динимиз истилоҳида эса фиқҳий йўналишларга нисбатан айтилади.

Фиқҳ сўзи ҳам араб тилидан олинган бўлиб луғатда бир нарсани нозик жойларигача тушунишга айтилади. Шариат истилоҳида эса “шаръий далиллардан фаръий ҳукмларни чиқаришга фиқҳ деб аталади”. Фиқҳ фани тарихига назар соладиган бўлсак Исломнинг аввалги даврида тафсир , ҳадис усулул фиқҳ, ва бошқа илмлар каби фиқҳ илми ҳам алоҳида илм шаклида ажралиб чиқмаган эди.

Ҳижрий биринчи асрнинг иккинчи ярми ва иккинчи асрда Ислом дини дунё бўйлаб кенг тарқалди . Араб бўлмаган турли халқлар ҳам мусулмон бўлдилар. Табиийки улар ўзларига Қуръони Карим ва Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан шариат аҳкомларини чиқариб, тартибга солиш имконига эга эмас эдилар. Шундай қилиб, аста — секин, кишиларга диний ҳукмларни ўргатадиган, уларнинг саволларига жавоб берадиган кишилар ажраб чиқа бошлади. Аста- секин Ислом оламининг турли жойларида фақиҳ уламолар етишиб чиқа бошладилар. Ушбу уламолар ўз илмий ишларида фиқҳий ижтиҳодларига тўртта нарсани асосий манбаъ қилиб олганлар .

Биринчиси: Қуръони Карим.

Иккинчиси: Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари.

Учинчиси: Ижмў — бир даврнинг ижтиҳод аҳли бўлган уламоларнинг бир овоздан бирор масалани қабул қилишларидир.

Тўртинчиси: Қиёс. Яъни, аввалги манбаъларда ҳукми келамаган масалани, шунга ўхшаш мазкур манбаъларда ҳукми бор нарсага қиёслаб ҳукм чиқариш.

Фақиҳларимиз суянадиган масдарлардан яна урф, масолиҳул мурсала, шаръу ман қаблана шаръун лана каби баъзи мабаълар ҳам бор. Улар мазкур тўртта асосий ва қолган ёрдамчи манбаъларга суянган ҳолда кўп масалаларни ҳал қилганлар. Ўшадаврда кўплаб фақиҳлар етишиб чиққанлар. Уларнинг кўпчилиги ўзлари дунёдан ўтишлари билан, фиқҳий ишлари ҳам қолиб кетган.

Аммо мусулмонлар орасига кенг тарқалган шогирдлари ва орқасидан эргашувчилари кўп бўлган уламолар “фиқҳий мазҳаб соҳиблари” деб тан олинган. Шулардан тўртталари бутун дунёга машҳур бўлганлар ва уларнинг мазҳаблари мусулмонлар жумҳури томонидан “расмий фиқҳий мазҳаблар” деб тан олинган. Булар қуйидаги мазҳаблар: Ҳанафий мазҳаби. Шофеъий мазҳаби. Моликий мазҳаби. Ҳанбалий мазҳаби.

Аминов Рустам, ўқитувчи.

“Фиқҳий йўналишлар ва китоблар” асари асосида тайёрлади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *